Рамазон ойида тўғри овқатланиш: муҳим тавсиялар

Пример HTML-страницы
Рамазон ойида тўғри овқатланиш: муҳим тавсиялар

Мана, ойларнинг шоҳи — рамазон ойи ҳам кириб келди. Сўнгги йиллардаги яшаш шароитларимиз, таомланишимиз тарзи анча ривожланиб, ўзгариб қолгани тайин. Ушбу мақолада рўза тутиш мобайнида соғлиққа таъсир кўрсатувчи айрим хатолар, хусусан, нотўғри овқатланиш ҳақида сўз боради.

Рамазон ойига тайёргарлик

Рамазонгача ўн кун қолган вақтда 3-4 кун оралатиб рўза тутиб, организмимизни шунга тайёрлаб олишимиз лозим, шундагина рўзанинг дастлабки кунларидан қийналмай ўтиб оламиз. Парҳезшунослар организмни ҳар қандай очлик ва парҳезга тайёрлагани каби, рамазонгача биз ҳам душанба ва пайшанба кунлари рўза тутиб тайёргарлик кўриб олишимиз лозим.

Рамазон рўзасини тутишдан 2-3 кун аввал ошқозонда кислотавийликни оширувчи маҳсулотларни чеклашимиз ҳамда тўйиб овқатланишдан ўзимизни сақлашимиз лозим. Айримлар «эртадан рўза», дея бир-икки кун ҳаддан зиёд кўп ва кучли овқатланиб олишади ва бу жараён рўзанинг илк кунларида қийналишларига сабаб бўлиши мумкин. Чунки ички аъзолар яна шунча овқат ейишингизни кутиб, тайёр туради.

Рўза тутаман деган одам, аввало, ишонч билан бошлаши керак. Оч юришга чидай олишингизга ишонсангизгина бутун ички органларингиз эрталабдан кечгача емаслик ҳолатини тушуниб, шу шароитга мос фаолият юритади. Сизнинг ишончингиз бутун ички аъзоларга шомгача оч юришга сигналдир. Ишончли кучлилиги эса ниятга боғлиқ.

Саҳарлик

Эрталаб уйғонганимиз ҳамоно дастлаб илиқ сувга имкон бўлса бир қошиқ асал аралаштириб ичиб олиб, кейин саҳарликка тайёргарлик кўрилса, 10–15 дақиқадан сўнг еган таомимиз сув билан аралашмасдан ноқулайликлардан қутуламиз.

Саҳарликда бизни асосий ичимлигимиз сув бўлиши лозим, чой ичган тақдирда ҳам имкон қадар уни аччиқ қилиб дамламасдан ичиш лозим.

Қуйидаги маҳсулотлар бизни кун давомида чанқашимизга ва ичган сувимизнинг тезроқ танамизни тарк этишига сабаб бўлиши мумкин:

  • ёғли маҳсулотлар ва ёғли овқатлар;
  • меъёридан ортиқ аччиқ чой;
  • дудланган гўшт маҳсулотлари (колбаса, сосиска ва ҳоказо);
  • шўр маҳсулотлар;
  • тузлама маҳсулотлари;
  • кофе ва кофеинга бой маҳсулотлар;
  • шакарни ҳаддан зиёд кўп истеъмол қилиш;
  • барча нотабиий кимёвий моддалар аралаштириб тайёрланган озиқ-овқатлар;
  • лавр (дафна) япроғи, наъматак меваси каби сийдик ҳайдовчи дамламалар.

Энди эса саҳарлик қилиш учун тўрт хил энг фойдали маҳсулотни келтириб ўтамиз.

1. Саҳарликда имкон қадар тез ҳазм бўлмайдиган ва юқори калорияга эга донли маҳсулотларни истеъмол қилиш лозим. Булар: сули бўтқаси, ширгуруч, гречихали овқат ва шу кабилар.

2. Сут маҳсулотларидан творог, йогурт, қатиқ, сметана, ширчой ҳам фойдали ҳамда бу маҳсулотлар билан кун давомида чанқамасдан юришимиз кузатилган.

3. Асал, араб хурмоси, ёнғоқ, мағиз, ўрик туршаги, олча қоқи ва бошқа шу каби қуруқ мевалар.

4. Банан, гилос, анжир, ўрик, шафтоли, олма, олча, нок ва бошқа мевалар билан саҳарлик қилиб олиш лозим.

Юқоридаги маҳсулотларни саҳарлик пайтида имкон қадар бир-бирига аралаштирмасдан, алоҳида истеъмол қилиш тавсия қилинади. Бу кун давомида ўзимизни яхши ҳис қилишимизга замин яратади.

Кун давомида

«Рўзадорман, куни бўйи ҳаракат қилсам, оч қоламан, ҳаракатдан қолиб ҳолсизланаман», деб ҳеч ҳам ўйламанг. Рўзада одам доим оҳиста ҳаракатда бўлиши керак, ҳаракат ва очлик соғлигимизни тиклашимизга ва мустаҳкамлашимизга икки карра ҳисса қўшади. Ҳаракат қилмасдан фақат ётиб яшаш эса секин-аста юракнинг кам уриши ва организмнинг шунга кўникиб қолишига, ҳолсизланиш ҳолатларига олиб келади, бу эса ибодатларимизгаям ўз таъсирини ўтказиши мумкин.

Саҳарликдан сўнг 4–5 километр пиёда сайр қилиб олиш, ифторликдан кейин эса таровеҳ намозларига қойим бўлиш тавсия қилинади.

Суткасига камида 7 соат ухлаб олиш керак, лекин кундузи оч қоринда ухлашга шароити борларга айтишим мумкинки, бу уйқуни камида иккига кўпайтириб, ҳисоб-китобингизни олиб бораверинг. Яъни кундузги 1,5–2 соатлик уйқу тунги 4–5 соатнинг ўрнини босади, бунинг сабаби бизни ошқозонимиз тоза ҳолатда эканлигидадир. Кўпроқ пешиндан кейин ухлаб олиш тавсия қилинади.

Қуёш нури гарчи бизни иссиқдан «қийнаса-да», лекин бир тарафдан бизни чиниқтириб, витаминларга тўйдиради, тана қурилишимизни мустаҳкамлайди. Ҳар куни куннинг биринчи ярмигача 15–20 дақиқа қуёш ва ташқи ҳаво иссиқлигидан чиниқиб олиш лозим.

Ифторлик

Бу пайтда ошқозонимиз ва бутун сезги органларимиз ҳазм қилиш ва таъм сезишга шай туради, шу сабабдан бу пайтда инсонни таъм сезиш органлари каррасига яхши ишлайди.

Аввал икки дона хурмо ва тахминан 300 мл.гача илиқ ёки уй ҳароратидаги сув билан оғиз очиб оламиз ёки сувни камроқ ичиб, ҳўл мевалардан еб олиб, сўнгра 10–15 дақиқадан кейин овқатланишимиз мумкин. Бу худди автоуловни ҳайдаш учун қиздириб тайёрлашдек, ошқозонимизни овқат ҳазм қилишга шай қилади.

Кечки овқат имкон қадар тез ҳазм бўладиган ва енгил бўлиши лозим ва албатта, барра салатлар, кўкатлар билан бирга истеъмол қилиниши керак.

Овқатланиб бўлиб, тахминан 1 соатдан сўнг яхна ичимликлар, ширинликлар ва бошқа мевалардан истеъмол қилишимиз мумкин.

Кечаси ётишдан бир соат олдин, қатиқ, тарвуз ва бошқа тез ҳазм бўладиган мева ва сабзавотлардан еб олиб, сўнгра ухлашимиз мумкин.

Зарарли одатлар

Саҳарликда меъёридан ортиқ ва тартибсиз овқатланиб бўкиб олиш ўта нотўғрилигини унутманг. Бу ёмон одат, ошқозонда муаммолар келтириши билан биргаликда аксинча кун давомида оч ва чанқаб юришингизга ҳам сабаб бўлиши мумкин. Ортиқча вазнга эга одамлар саҳарликда номига мевалардан еб олиб, сувдан тўйиб олишса, шунинг ўзи кун давомида енгил юришларига етарли, деб ўйлайман.

Саҳарликда яхши овқатланиб туриб, шартта чўзилиб ётиш жудаям зарарли. Бу ҳолат ошқозон-ичакларимизнинг иш фаолиятини бузиб, кун давомида беҳол юриш ёки шу билан ошқозонда муаммолар келтириб чиқариб, қийналиб қолишимизга сабаб бўлиши мумкин.

Оғиз очганда яхдек ичимлик билан чанқоқни босиш зарарли одат, деб биламан. Кун давомида ошқозон ва ички аъзолар ўзини ўзи даволаш билан банд бўлади ва ички ҳарорат иссиқ турган пайтда муздек ичимликни ичиш бу худди қизиб турган ёғга сув сачратишдек гап. Бу нақафат рўзанинг шифобахшлик хусусиятини пасайтиради, балки ифторликда еган овқатимизнинг тез ҳазм бўлишига ҳам тўсқинлик қилади.

Оғиз очган пайтда жуда ҳам кўп сув ичиш одати ҳам иштаҳани бўғиб қўяди. Натижада, яхши овқатланолмай қоласиз ёки мажбуран овқатланиш натижасида эрталабгача ошқозон дамлаб, еган нарсангиз ҳазм бўлмасдан қийналиб юрасиз.

Овқат пайти мева, ширинликлар, торт, шоколад, газланган ичимликлар қўшиб истеъмол қилиш мумкин эмас. Булар бирга аралашса, ҳазм жараёнини секинлаштириб, бизни қийнаб қўяди.

Рўзанинг янада шифобахш бўлишини ва Рамазонда тетик юришни истасангиз, албатта, фақат табиий егуликлар ва ичимликлар билан таомланишни тавсия қиламан. Фақат табиий! Бунда ҳар хил турдаги маҳсулотларни қўшиб истеъмол қилмасликка эътибор қаратиш лозим. «100 йил ортга қайтамиз» тартибига риоя қилиб, озиқ-овқатларни танлаш тавсия қилинади.

Нон ҳар доим дастурхонимизда бор ва бўлади, имкон қадар унинг маргарин ва бошқа четдан келаётган ёғлардан тайёрланганини истеъмол қилмасликни тавсия қиламан. Чунки у зарарли нон ҳисобланади. Ўзимизнинг сарёғда тайёрланган ёки парҳезбоп нонлар истеъмол қилиш тавсия қилинади.

Яна бир зарарли одат — кондиционерни жуда ҳам салқин қилиб олиш ҳисобланади: шамоллаб қолиш мумкин. Қолаверса, иссиқ ҳавода чиниқишни ўзи инсон организми учун кони фойдадир.

Хулоса

Юқоридаги маслаҳатлар асосан ўзимнинг тажрибаларимдан келиб чиқиб ёзилди, албатта. Кун давомида сабр қилиб юргандан сўнг кечқурунги айрим чекловларга риоя қилиш осон иш эмас. Бу ҳам сабр талаб қиладиган иш, агарда сабр билан юқоридагиларга риоя қилинса, албатта, рўзамизнинг шифобахшлилик хусусияти янада кўпроқ бўлади ва Рамазон ойида янада тетик ва ибодатларимизда мустаҳкам юришимизга туртки беради.

Шуни унутмангки, аввалги вақтларда боболаримизнинг музлатгичлари тўла бўлмаган, улар биз тузатадиган дастурхонларни тузаб ифторлик қилишмаган, уларнинг дастурхонлари фақат табиий ичимликлар ва ҳеч қандай кимёвий қўшимчалар қўшилмаган маҳсулотларга бой бўлган. Боз устига, улар қуёш нурида чиниқиб, тоза ҳаводан нафас олишга ҳаракат қилишган. Албатта, улар рўзадан биздан-да кўпроқ шифо топишган. Шу сабабдан аввалги табиий яшаш тарзига мослаштириб кун кечиришимиз керак, деб ўйлайман.

Рамазон рўзасини тутишни бошлагандан 2–5-кунлар айримларда бош оғриғи кузатилади, буни табибларимиз уларнинг танасида зарарли токсинларнинг тарк этиши сабаб, деб таъкидлаб ўтишган. Яна қандайдир касаллигингиз бўлса, ҳолатга қараб шифокорга мурожаат қилишни унутманг.

Ҳар бир организм, мизож, иқлим ва шароит ҳар хил, шунга қараб ўзингизга мос фойдали тадбирларни қилиб рамазон ойини фойдали ўтказиб олинг.

Бутун дунё тиббиёт ва табобат олимлари рўзани минг дардга даво, деб таъкидлашади. Ошқозон касалликлари, бўғинлардаги муаммолар, тузлар, тошлар, қон босими ва бошқа касалликлардан бирваракайига халос бўлишни истасангиз, албатта, имкони борича юқоридаги маслаҳатларга тўлиқ риоя қилинг. Шундагина рўзани 30 кун пайдар-пай қийналмай тутасиз, Аллоҳ ризолигига эришасиз, шифо ҳам топасиз.

Ниятимиз — фақат Аллоҳ розилиги учун бўлсин, саломатликка эътиборли бўлиш ва соғлом таомланиш эса суннатга мувофиқ тадбирлардир.

P.S. Ҳар йили меҳнат таътилини рамазон ойига тўғрилаб оладиган ёки шахсий тижоратини вақтинча тўхтатиб, ибодат ва илм олиб муборак ойни ўтказадиганларга кўпчилигимиз ҳавас қилар эдик, бу йил эса карантин муносабати билан бу имконият деярли ҳар биримизга мавжуддир. Бундан унумли фойдаланган ҳолда, ҳар куни, ҳар сонияда ушбу балони Яратганнинг ўзи биздан даф қилишини сўраб, дуо қилишни канда қилмаслигимиз лозим.

Рамазон ойи барчага муборак бўлсин!

Рашид Усмонов,
блогер, саломатлик ва спорт тарғиботчиси.

Манбаа: kunuz

Сайт:           https://azimedhospital.uz/

Телеграм:  https://t.me/azimedhospitalllc

Инстаграм:https://www.instagram.com/azimedhospitalofficial/

Facebook:  https://www.facebook.com/azimedhospital/

Likee:          https://l.likee.video/p/LbrOWL

Tik Tok       https://www.tiktok.com/@azimedhospitaluz

Вконтакте https://vk.com/azimedhospital

#buxoro #azimed #hospital #klinika #samarqand #shifokor #ramadan #ramazonsuhbatlari #madina #kardiolog #terapiya

Пример HTML-страницы
Предыдущая запись
Остеохондроз нима ва у билан қандай курашиш мумкин?
Следующая запись
AZIMED HOSPITAL ХУСУСИЙ КЛИНИКАСИДА ЯНА БИР ЯНГИЛИК!!!
Добавить комментарий
Ваш электронный адрес не будет опубликован. Обязательные поля помечены *